main wrapper feedback wrapper map

Tadbirlar


Давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги: инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишнинг янги имкониятлари

O'tkazish davri: 28.07.2010 - 29.07.2010

O'tkazish joyi: Ҳалқаро Бизнес Марказ

Muhokama qilinadigan masalalar: Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси БМТ Тараққиёт Дастури «Ўзбекистон Бизнес Форуми» лойиҳаси ва БМТ Европа Иқтисодий Комисcияси билан ҳамкорликда шу йилнинг 28-29 июль кунлари Тошкент шаҳрида «Давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги: инфратузилма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва баҳолаш» мавзусида семинар ташкил этмоқдалар.

Давлатнинг иқтисодий-ижтимоий ривожланишида замонавий инфратузилма муҳим аҳамиятга эгадир. Шуни инобатга олган ҳолда, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда замонавий инфратузилмани ривожлантиришга оид ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда ҳам инфратузилмани модернизациялаш республика инвестицион сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Натижада мамлакатда замонавий йўл-транспорт ва ҳаво алоқалари тизими яратилди, энергетика тармоғи ривожланмоқда, уй-жой коммунал соҳаси модернизация қилинмоқда, замонавий инфратузилма объектлари барпо этилмоқда.

Ўзбекистондаги сўнгги йилларда иқтисодий ва ижтимоий соҳадаги ислоҳотлар туфайли бугунги кунга келиб аҳолига турли хил хизматлар кўрсатиш соҳасида давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигини жадал ривожлантириш учун асос яратилди. Шу маънода, инфратузилмани янада яхшилаш ва аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасининг кейинги ривожланишида давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги муҳим бир механизм сифатида кўрилиши мумкин.

Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, сўнгги 10 йил мобайнида инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда хусусий бизнеснинг ҳиссаси жадал суръатларда ўсиб бормоқда. 2001-2008 йиллар мобайнида давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги механизми доирасида амалга оширилган инфратузилма лойиҳаларининг умумий қиймати 843,3 млрд. АҚШ долларини ташкил этди. Шундан катта қисми Европа ва Марказий Осиё давлатлари (23%) ва Шарқий Осиё ва Тинч Океани мамлакатларига (18%) тўғри келмоқда.

Жаҳон банкининг маълумотларига кўра, 2001-2008 йиллар мобайнида давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги доирасида амалга оширилган янги лойиҳалар сони бўйича етакчи давлатлар қаторига Хитой (30,6%), Ҳиндистон (11,8%) ва Бразилия (7,2%) кирган. Мазкур мамлакатларда давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги механизми узоқ муддатли молиялаштириш ҳамда ижтимоий инфратузилма объектларини яратиш ва бошқариш, хусусан, транспорт, уй-жой коммунал хўжалиги, соғлиқни сақлаш каби соҳаларда кенг тадбиқ этилган.

Бугунга келиб Ўзбекистонда хусусий бизнес ўзининг рақобатбардошлиги исботлади. Шу боис, ижтимоий инфратузилмани модернизациялашда хусусий бизнеснинг инвестицияларини, бошқариш малакасини ва технологияларини кенгроқ жалб қилиш учун шарт-шароитлар яратиш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан ҳисобланади.

Семинар давлат идоралари ходимлари ҳамда хусусий сектор вакилларининг давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги механизми доирасида инфратузилма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга оид билимларини ошириш мақсадида ташкил этилмоқда. Семинар доирасида коммунал хўжалиги, йўл қурилиши, чиқиндиларни қайта ишлаш каби соҳаларда инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги механизмини қўллаш бўйича бугунги ҳолат ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинади. Тадбир иштирокчилари давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги механизми доирасида амалга ошириладиган лойиҳаларни ишлаб чиқиш, баҳолаш, жорий этиш ва мониторинг қилишнинг замонавий усуллари билан танишадилар.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ўзкоммунхизмат” агентлиги, “Ўзавтойўл” давлат акционерлик компанияси, “Махсустранс” ишлаб чиқариш бирлашмаси вакиллари билан бир қаторда, БМТ Европа Иқтисодий Комиссиясининг халқаро экспертлари ҳам ўз тақдимотлари билан иштирок этишлари кўзда тутилган.

Семинар натижаларига кўра, давлат ташкилотлари вакиллари давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги механизми доирасида амалга ошириладиган лойиҳаларни ишлаб чиқиш, баҳолаш, жорий этиш ва мониторинг қилишнинг усулларига оид билимлари оширилади, пилот инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга амалий кўмак кўрсатиш мақсадида устувор соҳалар ва шериклар аниқланади, ҳамда инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда хусусий сектор вакилларини жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид таклифлар ишлаб чиқилади.

Тадбирга оид материаллар ва қўшимча ахборотни қуйидаги веб-саҳифалардан олишингиз мумкин: www.bfu.uz, www.undp.uz ва www.chamber.uz.

calendar